24 сентябр куни “Ёшлар ижод саройи”да UZ Миллий домени-2012 интернет-фестивали ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу йилги танловни «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси, «Келажак овози» ташаббускор ёшлар маркази, “UZINFOCOM” компютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази ва “infoCOM.UZ” журнали биргаликда ташкил этди. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги эса фестивални расмий қўллаб-қувватлади.
Интернет-фестивал мамлакатимизда 2001 йилдан бошлаб, ўзбекча сайтларни ривожлантиришни мақсад қилган UZ Миллий домени Интернет-фестивали эса 2007 йилдан бошлаб ўтказиб келинади.
Бу йилги фестивал танлов дастури 10 та мавзули ва 3 та махсус номинацияни ўз ичига олди. Бу йилги танлов дастурига ҳар бир мавзуга оид 10 номинация иштирокчилари учун WWW.UZ миллий излаш тизимининг махсус мукофотлари ҳам киритилди. Ушбу махсус номинацияда маълум вақт ичида ҳар номинация иштирокчилари орасида энг кўп балл тўплаган 10 та сайт ғолиб деб топилди.
Танловга жами 1000 та ариза келиб тушди, унда 543 сайт иштирок этди, уларнинг 65 фоизи илк бор қатнашди.
Танловнинг “Фан ва таълим соҳасида энг яхши сайт” йўналишида www.ziyouz.uz портали биринчи ўринни қўлга киритди. 2004 йили фаолият бошлаган портал бугунги кунда ўзбек тилидаги энг ката маънавий манбага айланган. Унда 2000 дан ортиқ электрон китоб, 15000 дан ортиқ илмий-оммабоп, маърифий мақолалар ўрин олган.